Talabalar Kursk davlat tibbiyot universitetida
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти қўшма таълим дастури талабалари Курск давлат тиббиёт университетида кейинги босқичда таълимни давом эттириш учун Курск давлат тиббиёт университетига қабул қилиндилар. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Россия Федерациясининг Кубан ва Курск давлат тиббиёт университетлари билан ҳамкорликда "Даволаш иши" ва "Стоматология" ҳамда "Педиатрия" қўшма таълим йўналишлари ташкил этилган бўлиб, 2019 йил 27 мартда икки томонлама тузилган шартномага мувофиқ, ўқишга қабул қилинган талабалар Даволаш иши йўналиши учун 3 йил Ўзбекистонда, 3 йил Россия Федерациясида, Стоматология йўналиши учун 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил Россия Федерациясида ўқишни давом эттиришлари белгиланган. Ҳар иккала давлат тиббиёт университетлари билан ҳамкорликда меморандум, шартнома ҳамда "Ўқишга қабул қилиш, ўқишдан четлатиш ва тиклаш тўғрисида" ги Низомлар ишлаб чиқилган ва расмий рўйхатдан ўтказилган.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2021-2022 ўқув йили якуни бўйича Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг Стоматология йўналишида таҳсил олаётган 46 нафар, Даволаш иши йўналишида 40 нафар талабаларимиз 3 - босқични битириб, уларнинг шахсий хужжатлари Кубань ва Курск давлат тиббиёт университетларига юборилган. Жорий йилнинг 25 август куни Кубань давлат тиббиёт университетида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти Стоматология йўналиши 3-босқични битирган талабалар билан 2 босқичда имтиҳон олинган. Биринчи босқичда рус тилидан тест, иккинчи босқичда эса мутахассислик фанларидан оғзаки имтиҳон олинган. Ўтказилган имтиҳон натижаларига кўра, Стоматология йўналишида таҳсил олаётган 46 нафар талабалардан 25 нафари белгиланган 60 балл ва ундан юқори баллни олиб, ўқишни давом эттиришга тавсия этилган, Қолган 21 нафар талабалар 34 балл ва ундан паст балл олиб имтиҳондан ўта олмаган.
Эътиборлиси шундаки, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректорининг 2021 йил 16 октябр кунги 172-Т сонли буйруғига мувофиқ, Стоматология ва Даволаш иши йўналишида таҳсил олаётган 16 нафар талабалар мутахассислик фанларидан қарздорлиги ва ўзлаштира олмаганлиги сабабли талабалик сафидан четлаштирилган. Бироқ Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг қарорига мувофиқ, ушбу талабаларни қайтадан ўқишга тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шу сабабли, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти томонидан суднинг ҳал қилув қарори асосида талабалар ўқишга тикланган. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади. Институт фаолиятида ҳеч қандай манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмайди.
Қўшимча маълумот учун https://fjsti.uz/detail/rasmiy-munosabat?menu_id=71