Rasmiy munosabat
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг Кубань давлат тиббиёт университети билан ташкил этилган қўшма таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаати юзасидан расмий муносабати
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Россия Федерациясининг Кубань давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда “Даволаш иши” ва “Стоматология” йўналишида қўшма таълим йўналишлари ташкил этилган. 2019 йил 27 мартда икки томонлама тузилган шартномага мувофиқ, ўқишга қабул қилинган талабалар учун Даволаш иши йўналишида 3 йил Ўзбекистонда ва 3 йил Россия Федерациясида, Стоматология йўналиши учун 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил Россия Федерациясида ўқиши белгиланган. Ушбу шартномага мувофиқ, 2019-2020 ўқув йилида Стоматология йўналишига 50 нафар, Даволаш иши йўналишига 50 нафар талабалар қабул қилинган. 2021-2022 ўқув йили якуни бўйича Стоматология йўналишида таҳсил олган 46 нафар, Даволаш иши йўналишида таҳсил олган 40 нафар талабалар 3-босқични битириб, 2022 йилнинг 21 август куни Россия Федерациясининг Кубань давлат тиббиёт университетига ўқув-услубий бўлим бошлиғи Г.Маматханова, Халқаро факультет декани М.Ашурова, декан ўринбосари А.Абдуғаниевалар бошчилигида юборилган. Жорий йилнинг 25 август куни Кубань давлат тиббиёт университетида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг Стоматология йўналиши 3-босқични битирган талабаларидан имтиҳон олинган. Ўтказилган имтиҳон натижаларига кўра, Стоматология йўналишида таҳсил олаётган 46 нафар талабалардан 25 нафари белгиланган баллни олиб, ўқишни давом эттиришга тавсия этилган. Қолган 21 нафар талабалар белгиланган баллдан паст бахо олиб, имтиҳондан ўта олмаган. Имтиҳондан ўта олмаган талабалар ва уларнинг ота-оналари томонидан билдирилган мурожаат бўйича жорий йилнинг 27-август куни Фарғона вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ф.Қосимов, жамоатчилик вакиллари ҳамда ота-оналар иштирокида учрашув ташкил этилиб, муҳокама қилинди. Институт маъмурияти Курск давлат тиббиёт университети маъмурияти билан боғланиб, имтиҳондан ўта олмаган талабаларнинг ўқишини ушбу университетда давом эттириш бўйича музокара олиб бориб, ижобий ҳал қилганлиги учрашув қатнашчиларига тушунтирилди. Айтиш керакки, имтиҳондан ўта олмаган талабалар Курск давлат тиббиёт университетида ўқишини давом эттирса, ўқиш учун белгиланган контракт тўлови ўзгармайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, талабаларнинг юқорида кўрсатилган университетларига бориш харажатлари ҳам институт томонидан тўлиқ қоплаб берилиши ҳақида ота-оналар ва талабаларга тушунтирилди.